ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон пойтахтида бугун эрталаб мамлакат Мустақиллиги кунига бағишланган байрам сайиллари бошланди, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкентдаги 12та парк ва хиёбонларда мусиқий жамоалар ҳамда “Баркамол авлод” маркази бадиий тўгараклари ёш истеъдодларининг чиқишлари ташкиллаштирилди. Таниқли ҳунарманд ва дизайнерларнинг кўргазмалари, ўз маҳоратини ёшларга намойиш этган спортчиларнинг чиқишлари барчанинг қизиқишини уйғотди. Бундан ташқари номдор ёзувчи ва шоирлар, хонандалар билан учрашувлар ташкил этилди.
"Биз Тошкентга вилоятдан бутун оиламиз билан келдик. Ҳар йили ушбу байрамни бутун оиламиз билан пойтахтда нишонлаш биз учун анъанага айланган. Кичкинтойларимизга масхарабозларнинг чиқишлари ёқади, катта фарзандларимиз эса ўзбек эстрадаси юлдузлари чиқишларини томоша қилишмоқда", — дейди Машҳура опа исмли аёл.
Оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида энг катта масалалардан бири хавфсизликни таъминлашдир.
"Байрам тадбирлари ўтказиладиган барча жойлар алоҳида назоратга олинган, ЙҲХБ ходимлари ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўлларни назорат қилишмоқда, ичкарига кирувчилар металлодетекторлар ёрдамида текширилмоқда. Шунингдек, ҳар бир паркда тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги машиналари навбатчилик қилмоқда", — дейишди пойтахт ҳокимлигида Sputnik мухбирига.
Байрам кунлари давомида жамоат транспортига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Автобус ва йўналишдаги маршрутлар сони кўпайишдан ташқари то тунгача ишлайди.
"Бугун ўзига хос кун, сабаби Тошкентда байрам тадбирларидан ташқари муҳим футбол учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Учрашув кеч соат 10дан кейин якунланади, шу боис биз автобуслар сонини оширамиз. Бу барча футбол ишқибозларининг уйларига қийинчиликсиз етиб олишларига имкон яратади", — деди "Тошшаҳартрансхизмат"даги манба.
Байрамнинг безаги бўлган мушакбозлик ҳам бошқа кунга қолдирилди. Тошкент шаҳри ҳокимияти берган хабарга кўра, бу қарор шу куни соат 20:00да ЖЧ-2018 саралаши доирасида Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўртасидаги учрашув бошланиши билан боғлиқ.
«Ҳамшаҳарларимизнинг боғ ва майдонлардаги байрам сайлларидан ўз уйларига қайтишлари чоғида автотранспорт оқимида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, қолаверса пойтахтимиз кенг жамоатчилиги, айниқса нуроний отахон ва онахонлар, оқсоқолларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган мушакбозлик(салют отиш)нинг бошқа кунга кўчирилганини маълум қилади», дейилади хабарда. Аммо мушакбозлик қайси кунга кўчирилгани ҳақида маълум қилинмаган.
Шу тарзда илк марта Мустақиллик байрами Президентнинг рақсисиз ва мушакбозликсиз ўтадиган бўлди.