ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Мутахассисларнинг фикрича, инсульт табиатига кўра ўта мураккаб ҳолат. Аниқ тиббий тадқиқотларсиз унинг инсон саломатлигига таъсири ва инсоннинг қанча вақтда оёққа туриши мумкинлиги борасида фикр билдириш қийин, деб ёзади Sputnik Тожикистон.
Мутахассислар биринчи навбатда Ислом Каримов инсультнинг қандай кўринишини бошдан кечирган – ишемик ёки геморрагикми, шуни билиш лозим деб таъкидлашди. Президентнинг қизи отасининг миясига қон қуйилиши ҳақида берган баёнотидан келиб чиқиладиган бўлса, Каримовда иккинчи кўринишдаги инсульт юз берган.
"Ҳаммаси инсульт ўчоғининг қаерда жойлашганлигига боғлиқ. Агар у миянинг олд қисмида содир бўлса, инсон тафаккурида ўзгаришлар юз беради. Агарда орқа қисмида юз берса, у ҳолда инсон бош мияси илгаригидек меъёрида фаолият кўрсатиши эҳтимоли юқори бўлади”, —дейди юрак-қон томир жарроҳи.
Бундан ташқари, ўчоқнинг ўлчами ҳам катта аҳамиятга эга. Айнан у бош мия фаолиятининг бузилиш даражасини белгилаб беради. Ўчоқ қанчалик катта бўлса, унинг оқибати шунчалик мураккаб бўлади, деди шифокор.
Мутахассиснинг айтишича, тикланиш даври бемор миясидаги қон томирларининг умумий ҳолатига боғлиқ. Агар қон айланишига зарар етган бўлса, у ҳолда тикланиш борасида бирор нарса дейиш қийин.
Инсульт даражасидан қатъи назар, Президентнинг омма олдида тез орада кўринишини кутиш ноўрин. "Ўртача тикланиш даври 21 кундан уч ҳафтагача давом этади. Бемор саломатлиги ҳолати ҳақида бу муддатдан олдин бирор нарсани тахмин қилиш қийин", — қўшиб қўйди шифокор. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 28 август куни шифохонага ётқизилган. Демак, тахминан 17-18 сентябрга янгилик кутиш мумкин. Беморнинг ёши тузалиш учун ҳар доим ҳам роль ўйнамайди, таъкидлашади шифокорлар.
"Биласизми, 30 ёшли киши инсультдан вафот этиши мумкин. Лекин 80 ёшли кишилар инсультдан сўнг яна яшашда давом этган ҳолатлар кўп", — дейди академик Н. Н. Бурденко номидаги нейрохирургия институти врач-нейрохирурги. У шунингдек Ўзбекистон Президентини даволаш учун барча имкониятлар мавжудлигини эътироф этди.
Инсульт нима?
Инсульт — кутилмаганда (бир неча дақиқа, соат) ўчоқли ёки умуммия неврологик симптоматикасининг пайдо бўлиши оқибатида мияда қон айланишининг бузилишидир.
Инсульт одатда тезда пайдо бўладиган касаллик эмас.
У узоқ давом этадиган жараён оқибатида юзага келади.
Инсульт оқибатлари
Инсульт бошланиши биланоқ тана аъзолари фаолиятининг бузилиши кучли акс этади. Бироқ бу фаолият қисман тикланади.
Миянинг марказий бурмасида жойлашган ҳаракат маркази лат еганида ҳаракатни бошқариш издан чиқади, фалажлик ёки қўл-оёқ ҳаракатининг қисман ишламай қолиши юзага келади.
Чап ярим шарнинг орқа пастки қисмидаги бурмаларда қон айланишининг бузилиши оқибатида ўнақайларда нутқ фаолияти бузилади.
Чап яримшарнинг орқа юқори қисмидаги бурмаларда инсульт ўчоғи пайдо бўлганида атрофдагиларнинг нутқини англаш тизими издан чиқади. Олд қисми лат еганида буюмларни ушлаб ҳис қилиш тизими бузилади.
Миянинг чакка ёки орқа қисми лат еганида бемор атрофда мўлжал олиш қобилиятини йўқотади.
Бундай бемор ўз уйи, хонаси ёки шифохонадаги палатасини топа олмайди, таниш кўчаларини эслолмайди.
Инсульт оқибатида хотира йўқолиши ва яна бошқа бузилишлар: кўриш қобилиятининг пасайиши, юрганда ва бир жойда турганда мувозанат сақлай олмаслик, нафас олиш ритмининг ўзгариши пайдо бўлиши мумкин.