ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов вазирликнинг бир гуруҳ ходимларига “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонларини топширди, дейилади ТИВ матбуот-хизмати хабарида.
Қисқа тақдирлаш маросимидан кейин мукофотланганлар ўз хизматлари юқори баҳоланганлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдиришди ва тез кунда соғайиб кетишларини тилашди, дея қўшимча қилинади хабарда.
Илгарироқ Ўзбекистон расмий ОАВлари Вазирлар Маҳкамасининг Президент Ислом Каримов стационар даволанишда эканлиги ҳақидаги хабарини тарқатган эди.
Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тилляева Instagramдаги саҳифасида отасининг миясига қон қуйилиши сабабли касалхонада эканлигини, унинг аҳволи барқарор эканлигини маълум қилганди.