ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Тожик-ўзбек чегарасидаги вазият барқарор, уни қўриқлаш учун қўшимча куч ва техникадан фойдаланилмаяпти, деб хабар берди Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Муҳаммад Улуғхўжаев.
Илгарироқ айрим оммавий ахборот воситалари Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосланиб Ислом Каримовнинг соғлиги борасидаги қарама-қарши хабарлардан сўнг Тожикистон Ўзбекистон билан чегарасини қўриқлашни кучайтираётгани ҳақида хабар берганди.
"Тожик-ўзбек чегарасининг мустаҳкамланаётгани ҳақидаги хабарлар нотўғри, чегара оддий тартибда қўриқланмоқда", — деди Улуғхўжаев.
Унинг айтишича, Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллиги байрами (9 сентябрь) арафасида чегараларни кучайтиришга ҳожат йўқ.
"Қўриқлаш амалдаги келишувларга мувофиқ амалга оширилади, назорат-ўтказиш пунктлари тегишли қоидалар асосида фаолият олиб боради", — деди матбуот хизмати ходими.