ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. АҚШнинг Калифорния штатидаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш юз берди, деб хабар қилди Los Angeles Times.
Tesoro компаниясига қарашли бўлган нефт заводида, жума куни соат 13:00 да олтингугурт сақланаётган резервуар портлаб кетган, ундан кейин эса ёнғин содир бўлган.
Олов тез ўчирилган бўлишига қарамасдан маҳаллий ҳукумат аҳолига кўчага чиқмасликни маслаҳат берган, чунки ёнган олтингугуртдан атроф муҳит ҳавоси заҳарланиш ҳавфи кучли бўлган.
Айни дамда ушбу ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда. Маҳаллий қутқарув хизматлари ўтказган текширувлар натижасида атмосферада зарарли моддалар меъёридан ошмагани аниқланган.
Ушбу нефтни қайта ишлаш заводи АҚШнинг Ғарбий қирғоғида энг катта завод бўлиб, кунига 380 баррел нефтни қайта ишлаш имконига эга. Корхонага нефт хом ашёси Калифорния, Аляска ва Ғарбий Африкадан олиб келинади.