ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Тошкентда Оқтепа майдонидаги Нурафшон кўчасини Муқимий ва Нукус кўчалари билан боғлайдиган узунлиги 22 километрли учинчи ҳалқа йўли қурилиши деярли ниҳоясига етди, деб хабар беради Uz24.
Кичик ҳалқа йўли бошқа трассаларга тушадиган босимни камайтиради ва марказдан Чилонзорга тезроқ бориб-келиш имконини бериб, пойтахтнинг саккизта туманини боғлайди.
Пиёдалар учун Лутфий ва Муқимий кўчаларида эскалатор ва лифтлари бўлган иккита ерусти ўтиш йўли барпо этилди.
Шунингдек, Муқимий кўчасини кенг миқёсда реконструкция қилиш ишлари ҳам якунланмоқда. Кўча бўйлаб жойлашган кўплаб магазинлар, кафе, салон ва бошқа иншоотлар бузиб ташланди. Тураржойлар, таълим масканлари, қолган овқатланиш ва хизмат кўрсатиш муассасалари бинолари таъмирланди ва бир хил рангга бўялди. Махсус ажратилган жойларда кейинги пайтда пойтахт марказида пайдо бўлган автобус бекатлари каби ойнаванд бекатлар қурилди.