ТОШКЕНТ, 25 авг —Sputnik. Куни кеча Москва шаҳридаги Большая Никитская кўчасида жойлашган Ситибанк бўлимини 55 ёшли, банкротга учраган бизнесмен Арам Петросян қўлга олди. Жиноятчи Россия президенти Владимир Путиннинг эътиборини тадбиркорлар муаммосига қаратиш учун шундай ҳаракатга қўл урганини маълум қилган.
Маълум бўлишича, ҳужумдан бир неча соат олдин бизнесмен Россия ҳукуматига видеомурожаат йўллаган ва унда амалдаги банкротлик тўғрисидаги қонунни бекор қилишни талаб қилиб, "жисмоний ва юридик шахслар банкротлик институти"ни ташкил этишни таклиф қилган.
"Банкротлик — бу касаллик" номи билан Ютуб тармоғи орқали тарқатилган видеороликда эркак камера қаршисида асабий ҳолатда у ёқдан-бу ёққа ҳаракатланганча таъсирли нутқ сўзлаган.
"Президентга мурожаат"ида Петросян "энди йўқотадиган нарсаси йўқлиги боис, жиноят кодексини оламшумул тарзда бузишини" айтиб таҳдид қилган. Бундан ташқари, у Путиндан унга "жамоат адвокати" бўлишни сўраган.
"Мен нега бундай ишга қўл уряпман? Чунки Россияда катта, йўқ, улкан муаммо мавжудлигини сизларга етказишнинг бошқа бир йўли қолмади. Бу муаммо худди вабо, худди ўлат каби халқимизни эгарлаб олган. Гап юридик ва жисмоний шахсларнинг банкротлиги ҳақида бормоқда", — деган бизнесмен ўзининг видеомурожаатида.
Петросян тиббиётга оид маҳсулотларни ишлаб-чиқариш билан шуғулланган. 2012 йилда бизнесида муаммолар пайдо бўлган ва у қулоғигача қарзга ботган. Тадбиркорнинг ўзи ва гувоҳларнинг айтишига қараганда, унинг бўйнидаги кредит бўйича қарзи икки миллион рублдан ортиқ бўлган.
Ҳолига вой бизнесмен
Арам Петросян 1961 йилнинг 8 мартида Ереванда туғилган. Айни вақтда у "Мэмп-Уколь" компанияси бош директори ҳамда органик кимёвий моддалар ишлаб-чиқариш билан шуғулланувчи "Сеарко" компанияси шерик раҳбарларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари унинг тиббий асбоб-ускуналар ишлаб-чиқарувчи "Оберег" директори ҳисобланади.
Медикаментларни ишлаб-чиқарувчи "Сеарко" компаниясининг солиқ бўйича катта қарзи бор. 2012 йилда компанияга қарши тартибот юритилган, 2014 йилда эса қарздорни топиш иложи бўлмагани учун бу иш тўхтатилган.
2012 йилда кредитни тўламаганлиги учун Петросяннинг ўзига қарши тартибот иши қўзғатилган. Аммо ҳуқуқ посбонлари бизнесменни излаб топишолмагани учун 2015 йилда бу иш ҳам тўхтатилган.
Айрим маълумотларга кўра, Петросян Тула вилоятидаги туманлардан бирида истиқомат қилади. Бу маълумот ИИББнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан текширилмоқда.
Жиноят ва жазо
Чоршанба куни кечқурун Петросян тўрт кишини гаровга олиб, полициячилар у билан музокара олиб боришларини талаб қилган, йўқса бинони портлатишини айтган. "Альфа" гуруҳи ветерани Игорь Шевчук жиноятчи таслим бўлмай турибоқ, портловчи модда муляж эканлигини айтган.
Эркак ҳужум уюштиришдан олдин Ситибанк ходимларига ўз режаси билан ўртоқлашган.
"Эркак тушликдан сўнг банкдаги ўриндиқларнинг бирида ўтирган эди. Бир вақт у банк ходимаси ёнига бориб, ундан банк бошқарувчисини чақиришни сўради. Шундан сўнг банк фаолиятига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, пул олиш нияти ҳам йўқлигини, шунчаки, банкни қўлга олмоқчилигини айтди", — деб хабар қилган бир манба РИА Новости нашрига.
Босқинчининг кўксида катта сариқ қути осилган бўлиб, у масофадан қараганда портловчи моддани эслатган. Натижада эса "бомба" деб ўйлаганлари оддий муляж бўлиб чиққан.
Эътиборлиси, қўлга олиш вақтида Петросян гаровга олинганларга биринчи тиббий ёрдам тўпламларини тарқатиб чиққан.
Петросян гаровга олинганларни битта-битта қўйиб юборган ва шундан сўнг ўзи ҳам таслим бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари РИА Новости нашрига берган маълумотга кўра, Петросян жазодан озод қилиниши мумкин. Негаки у одамларни ўз хоҳиши билан қўйиб юборган ва полициячиларга таслим бўлган. Фақат тергов қўмитаси эркак психиатрик экспертизадан ўтишини талаб қилиши ва уни мажбурий даволанишга юборилиши айтилмоқда. Ушбу иш билан Россия Федерал Хавфсизлик хизмати шуғулланиши мумкин, деб ёзган нашр.