ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Қобулда жойлашган Америка университетига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 тага етди, шунингдек, 44 киши жароҳат олган, деб хабар қилмоқда РИА Новости Рейтердан олинган маълумот асосида.
Афғонистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакили Фаридун Обайдининг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг етти нафари талабалардир, бундан ташқари уч нафар полициячи ва икки посбон ҳужум қурбонига айланганлар.
Яраланганларнинг катта қисми — 35 нафари — университет талабалари.
Шу пайтга қадар бирорта террорчилик уюшмаси теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олган эмас.
Сўнгги вақтларда Афғонистондаги вазият анча ёмонлашган. Илгарилари мамлакатнинг қишлоқ жойларида каттагина ҳудудни эгаллаб олган "Толибон"лар йирик шаҳарларга ҳужумга ўтди. Шунингдек, Афғонистонда, кейинги пайтларда "Ислом давлати" таъсири ҳам ортиб бормоқда.