Ўзбекистонда “Ҳаж -2016 ” зиёратлар мавсуми бошланди

Oбуна бўлиш
Бу йил зиёратчилар ҳаж ва умра сафарига 24 август — 4 сентябрь кунлари жўнаб кетишади, 17-28 сентябрь кунлари қайтиб келишади.

ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Мусулмонлар идораси хабарига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотасидан тўлиқ фойдаланилади.

2015 йилда Саудия Арабистони томонидан Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси 5200 ўринни ташкил қилиб, у тўлиқ ишлатилган эди. 2016 йилда ҳам ушбу квота 5200 киши миқдорида сақланиб қолди.

“Бу йили зиёратчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “Боинг” русумли ҳаво кемаларида Тошкент, Наманган, Бухоро, Урганч, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидан амалга оширилиши режалаштирилган чартер рейсларда 24 август — 4 сентябрь кунлари жўнаб кетишади,  17-28 сентябрь кунлари қайтиб келишади”, — дейилган  Ўзбекистон Мусулмонлар идораси хабарида.

Хабар давомида, бугун 24 август куни дастлабки гуруҳ — ҳаж делегацияси, ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар, ошпазлар ва зиёратчилардан иборат жами 450 дан иборат одам Саудия Арабистони Подшоҳлигига  жўнаб кетгани ҳам хабар қилинган.

Бу йилги зиёратчилар гуруҳи орасида Тошкент ислом университетининг  “Зиё” студияси вакиллари ҳам борлиги ва улар сафар давомида ҳожилар ҳаётини ёритиб боришлари ва ушбу репортажлар “Ўзбекистон” телекана ли орқали намойиш этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳаж зиёрати жуда юқори даражада ташкиллаштириш одатий ҳолга айланган. Зиёратчилар гуруҳи билан бирга ўз ошпаз ва шифокорларининг бориши, меҳмонхонадан зиёратгоҳларга уюштирилаётган барча сафарлар буюртма берилган автобуслар ва ўзбекистонлик ташкилотчилар ёрдамида амалга оширилиши – зиёратчи ота ва онахонларга хавфсизлик ва қўшимча қулайлик яратади.

Саудия Арбистони Ҳаж вазирлиги ҳам Ўзбекистон ҳаж ва умра сафарларини МДҲ  давлатлари орасида намунали  даражада амалга ошираётганини мамнуният билан қайд этган эди.

 

Янгиликлар лентаси
0