ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Анқарага ташрифи чоғида оппозициячи уламо Фатҳуллоҳ Гюленнинг бошқа бирор-бир давлатда эмас, АҚШда эканлигидан афсусдалигини айтди, деб хабар беради РИА Новости.
Америкалик сиёсатчи Туркияга бир кунлик расмий ташриф билан келди. У давлат тўнтаришига уриниш чоғида жабр кўрган Туркия парламентини кўздан кечирди, парламент спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашди ва Туркия бош вазири Бинали Йилдирим билан музокара олиб борди.
"Гюлен АҚШда эмас, бирорта бошқа мамлакатда бўлганида яхши бўларди. Уни топшириш бўйича қарорни федерал суд чиқаради", — дея Байдендан иқтибос келтиради NTV телеканали.
У Туркиядаги 15 июль куни содир бўлган давлат тўнтаришига уриниш бу мамлакат учун худди АҚШда 2001 йил 11 сентябрь куни юз берган воқеа каби аҳамиятга эгалигини қўшимча қилди.
16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ исёнчилар ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишди. Асосий қарама-қаршилик Анқара ва Истанбулда юз берди. Оқибатда 246 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши яраланди. Туркия ҳукумати уламо Гюленни тўнтаришга уринишга алоқадорликда айблади ва АҚШдан уни топширишни сўради. Гюленнинг ўзи эса тўнтаришни қоралади ва ўзининг бунга алоқаси йўқлигини билдирди.