ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Туркия Россияга Сурия шимолидаги Жараблус шаҳрини озод қилиш учун “Ислом давлати”га қарши операция ўтказиши ҳақида маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости NTV телеканалига асосланиб.
"Жараблусда операция бошланиши ҳақида Россия хабардор қилинган", — дейилади телеканал сайтидаги хабарда.
"Жараблусдаги операция турк чегараларини террорчилик гуруҳларидан тозалаш ва Сурия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган", — дея турк амалдорларидан иқтибос келтиради агентлик.
Ҳукумат ҳарбий операция янги миграцион оқимнинг олдини олиш ҳамда тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказишга қаратилганини таъкидлади.
Илгарироқ Туркия армияси чоршанба куни эрталаб коалиция самолётлари қўллаб-қувватлаши остида шаҳарни озод қилиш бўйича ҳарбий операция бошлагани хабар қилинганди. Anadolu агентлиги Туркия ҲҲК Жараблусда ИД жангариларига қарши авиазарбалар берганини маълум қилди.
Daily Sabah газетасининг хабарига кўра, Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Човушўғли турк ҳукумати шаҳарни ИДдан озод қилиш бўйича операцияда ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини маълум қилган. Нашр жангариларга ҳужум тез орада бошланишини билдирган.
Wall Street Journal газетасининг маълум қилишича, АҚШ турк ҳукумати қўллаб-қувватлаётган исёнчиларга ИДга қарши курашда ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини кўриб чиқмоқда.