ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Ола-Буқа туманида Қирғизистон чегарасидан ноқонуний ўтган ўзбек милиционери қўлга олинди. Бу маълумотни Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Женишбек Разақов Sputnik Кыргызстан мухбири билан суҳбатда тасдиқлади.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари илгарироқ ўз манбаларига таянган ҳолда 13 август куни Қирғизистоннинг “Чаён” махсус хизмати ҳарбийлари қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дамба-5” постига келишгани, ўзбек милиционерларига “бу ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини айтишгани ва сув омборига киришга уринишгани” ҳақида ёзишганди. Рад жавобини олган “Чаён” ҳарбийси ўзбек милиционерларини қўрқитиш ва уларни қочишга мажбур қилиш учун автоматидан ерга ўқ узган, деб таъкидлади Наманган вилояти ИИБдаги манба.
Ўзбекистон томони бир нафар милиционер ушланиб Қирғизистон ҳудудига олиб ўтиб кетилгани ҳақида баёнот берди. Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби бу маълумотлар инкор қилди ва “уйдирма” деб атади. Кейинроқ қатор қирғиз ОАВларида ўзбек милиционерлари Қирғизистон ҳудудига ноқонуний равишда ўтишгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.