ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. АҚШ фаол ва очиқ мулоқот орқали Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга интилмоқда, дея баёнот қилди жума куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен.
"Америка — Ўзбекистон муносабатлари кенг қамровли масалаларни қамраб олган, улар ўзаро манфаатлар, муштарак ҳурмат асносидаги фаол ва очиқ мулоқот воситасида кўриб чиқилмоқда", — деб таъкидлади АҚШ дипломати "Жаҳон" АА Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан берган интервьюсида.
Спратлен, шунингдек, томонлар умумий хавф-хатарларга ҳамда хавфсизликка таҳдидларга қарши туриш масалаларида, ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, АҚШ сармоядорларини Ўзбекистонга жалб этишни қўллаб-қувватлаш имкониятлари бўйича ҳамкорлик қилишаётганини таъкидлаб ўтди.
"АҚШ икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишини давом эттиришга интилмоқда ва буни юқори мартабали расмийларнинг Ўзбекистонга ташрифлари воситасида намоён этмоқда — Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашувида (C5+1) иштирок этиш учун Самарқандга борди, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел июн ойида Президент Ислом Каримов билан конструктив музокаралар ўтказди. Яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги учрашувда Ўзбекистон делегациясининг иштирок этгани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик энг юқори ҳукумат даражасида давом этаётганидан далолат беради", — дея қўшимча қилди дипломат.