ТОШКЕНТ, 18 авг – Sputnik. Кечагина Риода Ўзбекистонлик Шахрам Ғиёсов ва Қозоғистонлик Данияр Елеусинов иштирокида бўлиб ўтган финал жанги ҳаммангизнинг эсингизда бўлса керак?
Бугун sports.kz наширда Қозоғистонлик журналист финал беллашувидан кейин Шахрам Ғиёсовдан олган кичик интервьюси чоп этилди. Шахрамнинг журналистга берган жавоби қўйида.
“Қозоғистонлик мухлисларни ушбу олтин медал билан чин юракдан табриклайман. Бу яхши жанг бўлди, финалда озгина омад етишмади. Биз, барча спортчилар мухлисларни қувонтириш учун рингга чиқамиз. Биз фақат рингда рақибмиз, ҳаётда эса бир-биримизни ҳурмат қиладиган дўстлармиз. Биз қардош халқлармиз, умид қиламанки, кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Қозоғистонни ғалаба билан яна бир бор табриклайман”, — деди Шахрам Ғиёсов Sports.kz мухбирига.
Одатда биз ютқизган спортчи томонидан судья ноҳақлик қилгани ёки рақиб таъқиқланган усулни ишлатгани каби аламзада ва гинали сўзлар эшитамиз. Ҳатто айрим спортчилар иккинчи ўринни олган рақибини қўлини сиқишдан воз кечади.
Кўриб турганингиздек, ҳозиргина машаққатли жангда олтин медалини қўлдан чиқарганига қарамасдан, Шахрам Ғиёсов ўзининг инсонпарвар ва олийжаноб спортчи ва мард йигит эканлигини намойиш қилган. Агар инсон шундай хусусиятлар соҳиби бўлса – у ҳаётда ҳақиқий чемпион! У доимо мухлислар қалбининг тўрида бўлади. Шахрам, Ўзбекистон сен билан фахрланади!