ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Россиялик хонанда Олег Газманов, шенген визаси бўлишига қарамасдан, Литвага киритилмади, деб хабар қилди Газманов ўзининг Instagram саҳифасида.
Унга мамлакатга кириш таъқиқлангани ҳақида Газманов, Вильнюсда хабар топган. Маҳаллий аэропортда унга Россиядан Литвага кириши таъқиқланган “махфий рўйхат” борлиги ҳақида хабар қилинган.
Хонанда айтишига қараганда, ушбу рўйхатда ким борлигини олдиндан билишнинг иложи йўқ. Шу билан бир вақтда хонанда аэропрт ва таможня ходимлари унга хушмуомала бўлганини айтиб ўтди.
Хонанданинг фикрига кўра, Литва ҳукумати “аҳолини Россия маданиятининг зарарли таъсиридан” ҳимоя қилиш шиори остида икки мамлакатни ажратмоқчи бўлмоқда.
Литва Ташқи Ишлар вазири Линас Линкявичюс кейинроқ хабар қилишига кўра, Россиялик хонандага қўшни мамлакатларда “Россия агрессиясини” тарғиб қилгани сабабли мамлакатга кириш таъқиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Литва парламенти 2013 йилда Олег Газмановни “Сделан в СССР” қўшиғи учун “Персона нон-грата” деб эълон қилмоқчи бўлган эди. Бу ҳолат Газманов учун биринчи марта эмас. 2014 йилда Газмановга Латвияга кириш таъқиқланган эди, 2015 йилда эса Украинага.