ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 17-август куни Оқсаройда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
"Давлатимиз раҳбари меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Корея Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлашини ва бу муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва "Электрон ҳукумат"ни жорий этиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди", — дейилади хабар матнида.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг 2014-йил июн ойида Тошкентга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015-йил май ойида Сеулга давлат ташрифлари икки давлат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг ҳар томонлама, аввало, иқтисодий соҳада изчил ривожланишига янги суръат бағишлади. Ушбу ташрифлар якунига кўра юздан ортиқ ҳужжат, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий соҳаларда ҳамкорликка оид умумий қиймати 9,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган битимлар имзоланган.
Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил қилинган 440 корхона фаолият юритмоқда, 77 компанияси ваколатхоналари очилган.
Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Аннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси очилгани ва бу завод мамлакатларимиз ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликнинг амалдаги ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлаш даркор.
Хон Юн Сук самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.