ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Ижрочи Наргиз Зокирова ўзининг Facebookдаги саҳифасида, Рамзан Қодиров таклифига биноан Чеченистонда меҳмонда бўлганини хабар қилди.
Ўзининг ғайриоддий ва айрим кишиларни ғашини келтирадиган кийимлари билан машҳур бўлган хонанда Чеченистонда Рамзан Қодиров билан ҳижоб кийган ҳолда тушган суратини жойлаштирган. Саҳифада Наргиз Зокирова Чеченистонга келиш сабабларини хабар қилмаган.
Наргиз Зокирова Ўзбекистонда ва собиқ Иттифоқда машҳур бўлган хонанда Зокировлар сулоласидан. Ботир Зокиров ва Фаррух Зокировларнинг жияни. Наргиз Тошкентда туғилиб ўсган. Болалигидан турли саҳналарда қўшиқ ижро қилиб келган, унинг ижросидаги “Унутма мени” қўшиғи Ўзбекистонликларга яхши таниш.
Наргиз Зокирова 1995 йилда АҚШга эмиграция қилган. Россияда Наргиз Зокирова 2014 йилда Первый каналнинг “Голос” телетанловида ғолиб бўлганидан кейин яхши танилди.