ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Шу бугун Саудия Арабистони ғарбий қисмида жойлашган Жидда шаҳрида Маккадаги Ал Ҳарам масжидида кран қулаши бўйича суд иши бошланди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Ўтган йилнинг 11 сентябрида Маккадаги Ал Ҳарам масжидида қурилиш крани одамлар устига қулаши оқибатида 109 киши ҳалок бўлиб, 230 дан зиёд одамлар жароҳат олган эди. Ҳодиса юз берган куни Маккада 2600дан зиёд ўзбекистонлик зиёратчилар бўлган, аммо уларнинг бирортасига зиён етмаган.
Қироллик саройи эса ушбу ҳодисага кучли шамол ва краннинг нотўғри жойлашуви сабаб бўлган, дея баёнот қилган.
Saudi Gazette нашри хабарига кўра, кран қулаши туфайли бошланган суд жараёнида 14 киши иштирок этмоқда. Уларнинг 6 нафари саудиячилар (уларнинг бири миллиардер), 2 нафари покистонлик, қолганлари Иордания, Филиппин, Канада, Палестина, Миср ва БАА фуқароларидир.
Бунга қадар тарқатилган хабарларда Саудия Арабистони Бош суди қаршисида намоён бўладиган айбланувчилар сони 40 нафар бўлиши айтилган эди.
Умумий қиймати 14 миллиард долларни ташкил қилувчи масжид майдонини кенгайтириш лойиҳасини Усама Бин Лодин оиласига қарашли Saudi BinLaden Group компанияси амалга ошириб келаётган эди.