ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Икки ўзбек боксчиси, Ҳасанбой Дўстматов ва Рустам Тўлаганов Олимпида мусобақаларининг ярим финалига чиқиб, камида бронза медали совриндори бўлди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Энг енгил вазн (49кг) тоифасида иштирок этаётган Ҳасанбой Дўстматов чорак финалда қозоғистонлик Биржан Жакиповни сезиларли устунлик билан енгди. Уччала раундда ҳам ўзбек спортчиси устун келди.
Ярим финалда Дўстматов АҚШлик 20 ёшли Мигел Эрнандес билан беллашади. Эрнандес учун бу биринчи олимпиада. Ҳасанбой эса кўплаб халқаро мусобақалар тажрибасига эга. Жанг 12 август куни бўлиб ўтади.
Иккинчи ўзбек боксчиси Рустам Тўлаганов чорак финалда Озарбайжонлик Абдуқодир Абдуллаев устидан 3:0 ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувнинг биринчи раунди охирида Тўлагановнинг оёғи тойиб кетиб йиқилиб тушди ва судъя унга нокдаун эълон қилди. Мағлубият муқаррар кўринишига қарамасдан, уч раундда ҳам Рустам рингда етакчилик қилиб рақибни жуда қаттиқ босим остига олди ва 3:0 ҳисобда ғалаба қозонди.
Ярим финалда Рустам Тўлаганов АИБА рейтинги бўйича дунёда биринчи ўринда турган Евгений Тищенко билан учрашади. Жанг 13 август куни бўлиб ўтади.
Ўзбекистонлик яна бир боксчи Фазлиддин Ғойибназаров 64кг вазн тоифасида ўзининг биринчи рақиби бўлган Конголик Жаламу Малонга устидан ишончли ғалаба қозонди. Жанг давомида Ғоибназаров Малонгани икки марта нокдаун қилди. Учинчи раунд эса — техник нокаут туфайли, Ўзбекистонлик спортчининг ғалабаси билан, мудатидан олдин тугади.
Фазлиддиннинг кейинги жанги 14 августда Ҳиндистонлик Манож Кумарга қарши бўлиб ўтади.
Бугун яна икки Ўзбекистонлик боксчи рингга чиқади. Элшод Расулов (81 кг) Британиялик Жошуа Буатси билан учрашади, Шаҳром Ғиёсов (69 кг) бўлса — литвалик Эймантас Станионис билан беллашади.