ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишидан Путин эмас, Эрдўғон кўпроқ наф кўрса-да, Россия ва Туркия яқинлашувини Европа Иттифоқи ва НАТО учун ўзига хос чақириқ, дея ҳисоблаш лозим, деб ёзади чоршанба куни Британиянинг Telegraph нашри, Санкт-Петербургда ўтказилган икки давлат етакчилари музокараларига шарҳ берар экан. РИА Новости хабари асосида.
"Россия ва Туркиянинг дипломатик яқинлашуви туфайли ЕИ ва НАТО ўзига хос чақириқ олдида турибди", — деб ёзади Telegraph.
Нашрда ёзилишича, Эрдўғон, Туркияда исён юз бермасидан олдин "Москва билан совуқ уруш ҳолати ортиқ давом этмаслиги лозим, деган қарорга келган ва Кремл билан ярашиш йўлларини излаган".
"Амалга ошмай қолган давлат тўнтариши эса, чамаси, ишни янада осонлаштирди", — деб ёзади нашр.
"Бизнинг наздимизда, ЕИдан Эрдўғоннинг кўнгли қолган, ташкилотнинг бирор бир аъзоси амалга ошмай қолган исёндан сўнг Анқарага ташриф буюрмади. Туркия президенти эса ҳозирда чор атрофдан ўзига иттифоқдош қидирмоқда. Россия ва Туркия муносабатларининг илиқлашуви эса сиёсий томондан Сурия учун қанчалик аҳамиятли бўлса, НАТО учун ҳам шу қадар муҳимдир", — деб ёзади Telegraph.