ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Жорий йилнинг 7-август куни А-373 "Тошкент-Ўш" автомобил йўлидаги "Қамчиқ" довонининг "Водий-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган "Спарк" русумли автомашина ҳайдовчиси йўлнинг бир томонлама қатнов қисмида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган ва “Спарк” автомашинаси йўл четига – жарликка ағанаган, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ФВВ матбуот-хизмати.
Маълумотга кўра, ўша куни тонги соат 05:32да "Қамчиқ" қидирув-қутқарув махсус бошқармаси зудлик билан воқеа содир бўлган жойга етиб борган.
Тезкор амалга оширилган қутқарув тадбирида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва 4 кишининг ҳаёти сақланиб қолинган. Аммо 1991 йилда туғилган Абдураҳимова Мафтунахон йўл транспорт ходисаси натижасида воқеа жойида вафот этган.