ТОШКЕНТ, 3 авг – Sputnik. Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси 2016-2017 йиллари давомида Ўзбекистонда давлат хизматларининг ягона порталини яратади, деб хабар қилди Ахборот технологиялари вазирлиги вакили.
“Давлат хизматлари порталининг янги кўриниши давлат хизматлари ҳақини электрон тўловлар ёрдамида амалга ошириш ва электрон пул ўтказиш тизимини ҳам ўз ичига қамраб олган бўлади”, — дейилган вакил хабарида.
Лойиҳа биргаликда ташкил қилинган LG СNS Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан амалга оширилади. 2015 йилнинг сенябрь ойида ташкил қилинган корхона сармоядорлари LG CNS (51%) ҳамда “Ўзбектелеком” ва “Илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари маркази” ДУК биргаликда (49%) ни ташкил қилди. Қўшма корхона “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ва иқтисоднинг бошқа соҳаларида жами 15та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизими 2013 йилда президент Ислом Каримовнинг ҳукуматга берган топшириғидан бошланган эди. Бугунги кунда “Электрон ҳукумат” тизимининг 20 дан ортиқ лойиҳаси ишга туширилган.