ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Тошкент туманларида бирин-кетин кўп қаватли бинолар ҳовлиларини бетон қилиш бошланди, деб хабар бермоқда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов.
Унинг сўзларига қараганда, пойтахтда ушбу жараён икки йил олдин бошланган. Ўтган давр мобайнида 33 минг квадрат метр ҳудуд бетон билан қопланди. Ундан ташқари яна 5 минг квадрат метр ушбу йил охирига қадар бетон билан қоплаш режалаштирилган.
“Биз келажакда ҳам ушбу ишни фаол давом эттирамиз. Бизни давлат қўллаб қувватламоқда. Бизга имтиёзли кредитлар берилмоқда, етакчи миллий ишлаб чиқарувчилардан цементни таннархида сотиб олаяпмиз”, — деди туман маъмурияти раҳбари.
Кварталлар ичидаги йўлларни ва кўп қаватли уйлар ҳовлиларини бетон қилиш, бир неча сабабларга кўра асфальтдан кўра афзалроқ. Охирги йиллар давомида Тошкентдаги шоҳ кўчалар қайта таъмирланиб янгиланган, лекин маҳаллалар ичидаги йўллар ўз ҳолича қолиб кетган эди.
Вазиятни ўзгартириш учун ушбу ҳовли ва кичик йўлларни бетон билан қоплашга қарор қилинган. Бунга сабаб бетон нархи асфальтдан кўра арзонроқ ва бетон йўл асфальтга қараганда анча кўп йил хизмат қилади. Ушбу ишни амалга ошириш учун махсус техника ҳам сотиб олинган эди.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Тошкентда Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган махсус акция бўлиб ўтмоқда. Ободонлаштиришга бағишланган 50 кун акцияси давомида ҳовлилар ва 275 маҳалла йўллари таъмирланмоқда.