ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилояти суди мамлакат уч нафар фуқаросини "Туркистон ислом ҳаракати"(ТИҲ) халқаро террорчилик ташкилотининг материалларини тарғиб қилгани учун 5 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилди, деб хабар қилди сешанба куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакили.
"Судланувчилар электрон ташувчилар – флеш-карта ва дискларда ТИҲнинг "ислом ҳалифалигини" тузишга чақириқлари акс эттирилган видео ва аудиоматериалларни тарқатганлар", деб аниқлик киритди суҳбатдош.
Тергов маълумотларига кўра, судланувчилар Россияда ишлаб юрганларида ТИҲ издошлари билан танишганларидан кейин пропаганда таъсирига тушиб қолганлар.
Ўзбекистонда мунтазам равишда ТИҲ аъзолари ва тарафдорлари қўлга олиниб келинади. 2015 йилнинг ноябрида Наманганда 4 нафар фуқаро ТИҲ ғояларини тарғиб қилувчи материалларни контрабанда қилиш айби билан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилганди.
Бош қароргоҳи Афғонистонда жойлашган ТИҲ (Собиқ "Ўзбекистон ислом ҳаракати") 1996 йилда Афғонистонга қочиб кетган Ўзбекистонда тақиқланган сиёсий партиялар фаоллари томонидан яратилган.
Россия, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари томонидан бу ташкилот террорчилик ташкилоти деб тан олинган. Ташкилот "Ал-Қоида" ва "Толибон" террорчилик ташкилотлари билан боғланган. 2014 йилда ТИҲ "Ислом Давлати" жангариларига қўшилишини маълум қилган.