Мустақил Қирғизистонда мансабдорларни сценарий асосида ўлдириш "мода" тусини олди

© Фото: МВД КыргызстанЎрта сой қишлоғида прокуратура ходими машинаси портлатилди
Ўрта сой қишлоғида прокуратура ходими машинаси портлатилди - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
"Бугун Қирғизистон Бош прокуратураси ходимининг машинаси портлатилди", деб хабар қилмоқда Спутник Қирғизистон. Маълум бўлишича, жабрланган эркак ўта оғир аҳволда. Ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Қирғизистон пойтахтининг жануби-ғарбидаги Ўртасой қишлоғида эрталаб Республика Бош прокуратураси прокурорининг машинаси портлатилди, деб хабар тарқатмоқда Спутник Қирғизистон.

Сал олдин Қирғизистон ИИВ Ўртасой қишлоғидаги уйларнинг бирида Lexus автомобили портлатилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Мамлакат Бош прокуратураси прокуратура ходими — 34 яшар Эркин Курманалиев жабрлангани ҳақидаги хабарни тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, портлаш вақтида эркак бир қўлидан айрилган, унинг кўзлари ҳам жиддий жароҳатланган. Жабрланган ўта оғир аҳволда реанимацияда ётгани айтилмоқда.

Айни вақтда ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани хабар қилинган.

Қирғизистондаги энг шов-шувли жиноятлар

Айтиш жоизки, Қирғизистонда мустақиллик йилларида "йирик автоҳалокатлар" сифатида кўрсатилган жиноятлар кўплаб маротаба содир этилган.

Жумладан, Насирдин Исанов билан содир бўлган бахтсиз ҳодисани бунга мисол келтириш мумкин. Исанов 1990 йилда президентликка даъвогарлик қилган, аммо бу курашда Аскар Акаевга мағлуб бўлган.

1991 йилнинг 21 январида мустақил Қирғизистоннинг биринчи Бош вазири этиб тайинланган сиёсатчи ҳаётига шу йилнинг 29 ноябрида нуқта қўйилган. Жалолобод-Ўш трассасида  Исановни олиб кетаётган ҳукуматга қарашли "Волга" машинаси ЗИЛ-130 юк машинасига бориб урилади. Автомобили рулида бўлган ҳайдовчи жароҳат олади, яна бир йўловчи — бизнесмен Борис Бирштейн — енгил жароҳатлар билан қутулади. Исанов эса, хирургнинг сўзларига қараганда, ҳушига келмасдан ҳалок бўлади. Қирғизистон халқи Исановни мамлакатнинг энг кучли сиёсатчиси сифатида хотирлайди.

Анорбек Бакаев

Қирғизистон Миллий хавфсизлик вазири. 1996 йилнинг 21 октябрида Бишкек- Манас трассасида Volkswagen Passat русумли хизмат машинасида кетиб бораётган вақтида ЗИЛ юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

ОАВларда келтирилган маълумотларга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлган ва қўлга олинган чоғида ўз жонига қасд қилишга уринган. Анарбек Бакаев клиник ўлим ҳолатига тушган ва Бишкек ва Москвадаги шифокорларнинг уринишларига қарамай, 1998 йил 7 январ куни ҳушига келмай ҳалок бўлган.

Медет Содирқулов

Биринчи версия бўйича 2009 йил 13 март куни Бишкек яқинида Audi-100 билан тўқнашган Lexus ёниб кетади. Жип ичидан ҳайдовчи ва икки йўловчининг мурдаси топилади. Мурдаларнинг бири Қирғизистон президенти девонининг собиқ бошқарувчиси Медет Содирқулов эканлиги маълум бўлади. Тирик қолган Audi ҳайдовчиси Омурбек Осмонов судга тортилади. 2010 йилнинг 21 апрелида эса у ўлдирилади. Осмонов танасига кўп сонли тиғ зарбалари етказилгани туфайли ҳаётдан кўз юмгани маълум. 2010 йил апрел воқеаларидан кейин ушбу жиноий иш қайта кўриб чиқилади ва  қотилликка буюртма берган шахс собиқ президентнинг укаси Жониш Боқиев эканлиги айтилади. Маълумотларга кўра, Ж. Боқиев Медет Содирқуловнинг бўғиб ўлдирилишини шахсан томоша қилган. Тергов маълумотларига кўра, ЖИПда аниқланган мурдаларнинг ҳаммаси аввал ўлдирилган, сўнгра эса ушбу қотиллик гўё "бахтсиз ҳодисадек" кўрсатилган.

Барча айбдорлар, шу жумладан, Қирҳизистон Республикаси Қўриқлаш хизмати ҳамда Чегара хизмати ходимлари турли муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Янгиликлар лентаси
0