ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Россиянинг Су-24 бомбардимончиси Аҳмад Довудўғли буйруғи асосида уриб туширилган. Бу ҳақда Hurriyet маълумоти асосида РИА Новости хабар қилган.
Довудўғлининг сўзларига кўра, буйруқ нафақат Россия самолёти, балки Туркия ҳаво бўшлиғига тегишли бўлган.
"Давлатимиз урф-одатларига кўра, Бош вазир Бош қўмондонликка қуролланган кучдан фойдаланиш қоидалари ҳақида ёзма буйруқ йўллайди. Мен 10 октябрда шундай буйруқ чиқарганман", — деб таъкидлаган у NTV телеканали эфирида.
"Орадан саккиз ой ўтгач бу масалани кўтариш нотўғри… Агар ҳодиса бугун рўй берган бўлганда, мен сиёсий масъулиятни ўз зиммамга олган бўлардим", — деб қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Туркиянинг F-16 қирувчиси Сурия осмони устида Россиянинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширган эди. Россия президенти Владимир Путин бу ҳаракатга "террорчилар ҳамтовоқлари томонидан орқадан берилган зарба” дея баҳо бериб, Анқарага нисбатан бир қатор иқтисодий чораларни киритган эди. Жорий йил июнь ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон бўлиб ўтган воқеа учун кечирим сўради.