ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Ироқ терма жамоасига қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди, Ўзбекистон Футбол федерацияси хабарига асосан.
Миллий терма жамоа бош мураббийи ҳимоя чизиғида бир қатор камчиликлар борлигини яширмади ва уларни бартараф этиш учун ҳали имконият борлигини таъкидлади.
“Ироқ терма жамоасига қарши ўйин орқали жуда кўп позицияларда янги ўйинчиларни синовдан ўтказдик. Бугун, ҳимоя марказида икки нафар янги футболчи майдонга тушди. Умуман, уларнинг бугунги ўйинидан қониқиш ҳосил қилдик, аммо, ўйин якунида барибир ҳимоячиларда қандайдир босим кўзга ташланди. Афсуски, марказий ҳимоя чизиғи доим биз учун муаммоли позиция бўлиб келган. Уларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қиламиз”, — деди Бабаян.
“Австриядаги йиғинда футболчиларнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлган эди. Австрияда ўтказган ўртоқлик учрашувларида бироз тезроқ ҳаракат қилган ва прессингни ҳам яхши ушлаган эдик. Бугун ҳам биринчи бўлимда рақибга деярли имкон бермадик, аммо иккинчи бўлимда бироз консентрацияни йўқотдик ва бунинг оқибатида рақибда ҳужум қилиш имкониятлари кўпайди”.
Миллий терма жамоа бош мураббийи шунингдек, таркибдан ўрин ола олмаган футболчилар учун ҳамон имконият мавжудлигини ва айни дамда терма жамоага қайси футболчи нима учун жалб этилмаганига изоҳ берди: “Терма жамоа таркибини мураббийлар штаби аниқлайди. Бугунги таркиб оптимал эмас, аммо улар бизнинг ҳозирги қарашларимиз ва ўлчовларимизга тўғри келади. Улар ўз ишини профессионал тарзда бажармоқдалар. Таркибдан ўрин олиш учун ҳар бир ўзбекистонлик футболчида имкон бор. Биз уларнинг паспортига ёки қайси клубда ўйнашига эътибор қаратмаймиз. Шунчаки, бизнинг принципларга мос келиши талаб этилади.
Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳам терма жамоага номзод футболчи ҳисобланади. Аммо, бугунги кунда у баъзи принцип ва қарашларимизга тўғри келмаётгани боис таркибга жалб этилмаяпти”, — деди миллий терма жамоа бош мураббийи.
“Бугун майдонда тўп сурган баъзи футболчилар имкониятлари даражасида ўйнай олмадилар. Камолиддин Тожиев ва Азим Аҳмедовларда микро жароҳатлар мавжуд эди. Азим Аҳмедовни ўйин охирида алмаштиришга мажбур бўлдик. Умуман олганда, барча позицияларда янги футболчиларни синовдан ўтказа олдик.
Албатта, терма жамоа ўзагини легионерларимиз ташкил этади. Расмий ўйинлардан олдин, хорижда ўйнаётган футболчиларимиз соғ ва яхши жисмоний ҳолатда етиб келишларига умид қиламан”, — деди Бабаян.