ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. 2016 йилнинг январ-июнида республикада ишсизлик даражаси ўтган йилги каби ўзгаришсиз қолган (5,2%) ва ишсизлар сони 723,6 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.
2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 фоизга ўсиб, 13 миллион 191,5 минг кишини ташкил этди.
Давлат секторида фаоллик 18,2 % бўлса (2015 йилда — 18,4 %), нодавлат секторда — 81,8 % (81,6 %). Кичик тадбиркорлик билан бандлар улуши 77,7 %га қадар ўсди (77,3 %).
Ташиш ва сақлаш (3,8 %), яшаш ва овқатлани хизматлари (3,7 %), ахборот ва алоқа (3,4 %), қурилиш (3,3 %) ва савдо (2,8 %) сингари иқтисодий фаолият турларида бандликнинг сезиларли ўсиши кузатилмоқда.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари салмоқли улушга эга бўлиб, бандлик даражаси 27 %ни ташкил этди, бу кўрсаткич саноатда — 13,6 %, савдода — 10,4 %, қурилишда — 9,4 %, таълимда — 8,4 %га етган.