ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Пойтахт йўлсозлари Тараққиёт кўчаси юқорисидаги Кичик ҳалқа автойўли участкасини боғловчи янги йўл боғламасини фойдаланишга топширишга улгуришмади, деб хабар беради Sputnik мухбири.
Дастлаб транспорт боғламаси 5 августга қадар фаолият бошлаши лозим эди. Кейинроқ Тошкент ИИББ ЙХҲБнинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими раҳбари Зоир Сайдалиевнинг сўзларига кўра объектни фойдаланишга топшириш муддати 16-17 июлга сурилди. Бироқ бугунги кунда ҳам қурувчилар бу ерда қизғин иш олиб боришмоқда ва юз бераётган ўзгаришларга қараганда, объект камида икки ҳафтадан сўнг фаолият бошлайди.
Ҳозирда йўлсозлар Шимолий вокзал тарафдан автомобиль кўприги бўйлаб ҳаракатни таъминлашди ва Паркент бозори тарафдан ҳаракатни тўлалигича ёпишди. Асосий ишлар қурувчилар Тараққиёт кўчасини кенгайтиришда муҳим роль ўйнайдиган бетон тўсиқларни ўрнатишаётган кўприк остида олиб борилмоқда.
Август ойи охирларида яна бир объект — Тараққиёт кўчасини Оҳангарон шоссеси билан боғлайдиган янги участка ҳам фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Олти полосали трассанинг узунлиги 2,9 километрни ташкил этади. Бу ерда электр энергиясини тедаш ҳисобига сезиларли равишда тежамкорликни таъминловчи янги "ақлли ёритиш тизими"дан фойдаланилади.
Бундан ташқари, қурувчилар йўл қопламасини ётқизишда асфальтбетон қоришмаси сарфини камайтирувчи ва қопламанинг хизмат муддатини узайтириш имконини берувчи янги конструкцион услубдан фойдаланишмоқда.
Пудратчи ташкилот вакилларининг Sputnik мухбирига айтишларича, янги йўлни фойдаланишга топшириш маросими мамлакат раҳбари Ислом Каримов иштирокида бўлиб ўтади.
Янги йўл боғламаси теварагида кутилмаганда қурилиш ишлари бошланганлиги ҳам ушбу фактни қисман тасдиқлайди.
Хусусан, қурувчилар эски ТошМИ яқинидаги йўл бўйида жойлашган қатор биноларни буткул бузиб ташлашди.
Ҳозирча уларнинг ўрнида янги ўқув корпуслари бўлиши ёки йўл кенгайтирилиши мумкинлигини аниқ айтиш қийин.