ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Ҳиндистоннинг чой ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири жанжалкаш сиёсатчи, ўзининг қарама-қарши чиқишлари билан машҳур миллиардер Дональд Трампни кўк чой ёрдамида ўзгартирмоқчи, деб хабар қилган РИА Новости.
"Дональд Трамп бутун дунёни — мексикаликларни, мусулмонларни, яҳудийларни, қоратанлиларни, аёлларни, иммигрантларни, гейларни, демократларни ва ҳатто, жин урсин, республикачиларнинг ўзларини ҳам нотинчлантирди. Биз уни тўхтата олмаймиз, аммо, балки, биз уни ўзгартира олармиз?", — дейилади компаниянинг YouTube да жойлаштирилган видеоролигида.
Шов-шувли чиқишлари, қарама-қарши фикрлари ва жанжалкашлиги билан машҳур сиёсатчини компания кўк чой ёрдамида ўзгартирмоқчи. Олти минг дона пакетчали чой бугун эрталаб миллиардернинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи жойлашган Trump Tower биносига юборилган.
Трамп Ҳиндистондан юборилган совғани қабул қилган-қилмагани роликда айтилмаган.