ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Италия жанубида жойлашган Апулия вилоятида икки поезд тўқнашувида 20 киши қурбон бўлди, ўнлаб одамлар яраланди, РИА Новости хабарига асосан.
Апулия вилояти вице-президенти Антонио Нунцианте сўзларига қараганда, бу дастлабки маълумот, фалокат қурбонлари сони ўсиши мумкин.
“Вазият ўта жиддий, худога шукурки ёрдам бериш тизими жуда яхши ишламоқда”, — деди вице-президент.
Айни дамда қутқарувчилар одамларни вагон бўлаклари остидан чиқариб олишга ҳаракат қилмоқда.
“Қурбонлар ва яраланганлар кўп. Икки поезд юзма-юз тўқнашган. Айрим вагонлар бутунлай эзиб ташланган”, — деди журналистларга ўт ўчириш хизмати вакили Рикарда Дзингаро.
Воқеа маҳаллий вақт билан соат 11:30да содир бўлган. Маҳаллий темир йўл ҳаракати вақтинча чекланган.
RaiNews 24 хабарига кўра, тўқнашув қишлоқ ҳудудида содир бўлган: у ерга етиб бориш жуда мушкул, уяли алоқа ёмон ишлайди.