ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. 2016 йил 28 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 21 сентябрдаги 266-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кам энергия сарфловчи лампалар сифат жиҳатдан дунёда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотлардан қолишмайди. Лампаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг хизмат қилиш муддати узоқ бўлиб, тўхтовсиз 8000 соат ёниб туриши мумкин. Айни вақтда улар оддий лампаларга нисбатан 4-5 маротаба кам энергия сарфлайди.
Ихчам тежамкор нурланувчи лампаларни тайёрлашда биргина ишлаб чиқариш сиклида амалгама (симоб ва рухнинг шарсимон қоришмаси)дан фойдаланилади. Бунда ишлаб чиқариш ускунаси герметик тарзда, симобнинг ҳавога чиқиб кетиши ва очиқ сув ҳавзаларига тушиб кетишининг олдини олган ҳолда ишлайди.
Шу сабабли атроф-муҳит симобдан зарарланишининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан ишлатиб бўлинган симобли лампаларни йиғиш ишлари билан симобли чиқиндиларни зарарсизлантирувчи ва утилизация қилувчи, экология ва санитария экспертизациясидан ўтган зарур технологик асбоб-ускуналарга эга бўлган юридик шахсларнинг ўзи шуғулланиши, шунингдек, ушбу маҳсулотларни сотиш пунктлари орқали, маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларида лампаларнинг синиши ва улар таркибидаги симобнинг ҳавога, сув ҳавзаларига, тупроққа ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишини истисно этувчи махсус ўрнатилган контейнерлар ўрнатиш орқали амалга оширилиши белгиланган.
Фуқароларнинг фойдаланиб бўлинган лампаларни топшириш қоидаларини пухта билиши ва бу ишнинг зарурлигини чуқур англаб етиши ниҳоятда муҳим. Шу боис ҳам "Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги ҳужжатда савдо шохобчалари ва мажмуалари, шунингдек, фирма дўконлари, ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг ваколатхоналари орқали симобли лампаларни сотаётган савдо ташкилотлари фойдаланиб бўлинган симобли лампа ресурсларини мажбурий тартибда чекланмаган миқдорда қабул қилиб, уларни ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга қайтариб топширишлари алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, мана шундай лампаларни қайтариб олиб келган ҳар бир шахсга, олиб келинган лампа қайси корхонада ишлаб чиқарилганидан қатъи назар, янги тежамкор лампаларни харид қилишда рағбатлантириш мақсадида 10 фоизлик чегирмалар берилиши лозим.