ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Vogue Arabia нашри ташкил қилиниши ҳақида миш-мишлар анча олдин пайдо бўлган эди. Аммо, ва ниҳоят бу узунқулоқ гаплар бугун ўз тасдиғини топди: таҳририят Vogue журналининг арабча версиясини омма эътиборига ҳавола қилмоқда, деб ёзади Financial Times.
Нашр бош муҳаррири лавозимини Шарқ аёллари орасида энг тараққийпарвар, нозик дид соҳибаси бўлган — Саудия Арабистони маликаси Дина Абдулазиз эгаллайди.
"Араб дунёси — бу 250 миллиондан зиёд одамлар дегани, улар ҳеч қачон ўз Vogue га эга бўлмаган. Ва ниҳоят, орзу амалга ошди, бу учун узоқ йиллар кутишга тўғри келди", — деб ҳикоя қилади Абдулазиз.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони маликаси мусулмон жамиятидаги аёллар ролини очиқчасига қўллаб-қувватлайди.
Дина энг йирик нашрлардан бирида ўз колонкасини юритади, шахсий бизнесига эга — Арабистон ва Қатарда бир қатор бутиклар соҳибаси, уч нафар фарзанднинг онаси. Мана 16 йилдирки, малика коинотнинг энг бойвачча шахсларидан бири — Саудия шаҳзодаси Абдулазиз бин Носир Абдулазиз ал-Сауд билан бахтли ҳаёт кечириб келмоқда.
Vogue Arabia журналининг онлайн-версияси шу йилнинг сентябр ойида интернетда пайдо бўлиши кутилмоқда, 2017 йилнинг баҳорида эса журналнинг босма нусхаси чоп этилади.