ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўғри-вазир бўлгандан кўра, фаррош бўлган яхши, деб таъкидлади, дея хабар берди РИА Новости.
Нашрда ёзилишича, Бишкекдаги қароргоҳида бўлиб ўтган мактаб битирувчиларига олтин сертификатларни топшириш маросимида Алмазбек Атамбаев мактабда "аъло" баҳоларга ўқигани, институтда эса пул топиш илинжида ишлашга мажбур бўлгани учун, ўқишга вақти қолмагани ҳақида гапирган.
"Баъзи бир вазирларнинг "ана, фалончи фаррош бўлиб ишлаяпти", деган гапи қулоғимга чалинади гоҳ-гоҳ. Нима дейишим мумкин: мен ҳам вақтида дворник, юк ташувчи, ўтёқар бўлиб ишлаганман. Меҳнатнинг айби йўқ. Менимча, ўғри-вазир бўлгандан кўра, фаррошлик ёки дворниклик қилган дуруст. Ҳеч қачон бирор меҳнатдан ор қилманг, ҳар қандай меҳнат — фахр", — дея таъкидлаган Атамбаев.