ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29-июн куни Оқсаройда Полша Республикаси, Венгрия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Корея Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари этиб тайинланган Петр Ивашкевич, Петер Санто, Ерик Утембаев, Содиқ Имомий, Квон Ён У, Сайид Шаҳобиддин Темурийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Президентимизнинг хорижий давлатлар элчилари билан суҳбати чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.
Давлатимиз раҳбари Европа ва Осиё дипломатик миссиялари раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.
Жумладан, Полша элчиси билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганидан буён ўтган 24-йил давомида кўп қиррали ва самарали мулоқот йўлга қўйилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича ижобий тажриба тўплангани ва ҳамкорликнинг қарийб 50 ҳужжатдан иборат салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асоси шакллангани таъкидланди.
Эрик Утембаев билан суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 25-йил давомида мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли умумий манфаатларига асосланган ҳамкорликнинг янги даражасига эришилгани таъкидланди.
Тожикистон элчиси билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларининг тақдирини умумий тарих, маънавий қадрият ва анъаналар боғлаб туриши таъкидланди. Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммити асносида Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда унда эришилган келишувлар Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Корея Республикаси элчиси билан суҳбатда Жанубий Кореянинг Бош вазири Хван Гё Аннинг яқинда Ўзбекистонга келгани ва 21-май куни кенг кўламли қўшма лойиҳа – Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунлангани ва унинг расмий очилишига бағишлаб ўтказилган маросим мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлгани таъкидланди.
Афғонистон элчиси билан учрашувда кўп асрлик яқин қўшничилик ва бир-бирига ёрдам бериш анъаналари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси экани қайд этилди.
Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мутахассислари иштирокида Афғонистонни ташқи дунё билан боғлайдиган ягона Термиз – Мозори Шариф темир йўл тармоғи барпо қилинди, бошқа инфратузилма лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. Афғонистонга, жумладан, Кобул шаҳрига электр энергияси узлуксиз етказиб берилмоқда.
Сайид Шаҳобиддин Темурий Афғонистон халқи Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашга амалий ёрдам кўрсатаётганидан чуқур миннатдор эканини таъкидлади.