ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Эртага, 30 июн куни «Ўзбекистон», «Тошкент» ва «Ёшлар» телеканалларида Аҳмад Турсунов ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади, Uz24.uz хабарига асосан.
Бир соат давом этадиган ушбу фильмда Аҳмадбойнинг ноқонуний фаолияти ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берилади. Фильмда шунингдек Аҳмадбойнинг иқрор бўлиши ва шарҳлари ҳам келтирилган.
Ҳужжатли фильм “Ўзбекистон” телеканалида соат 18:00да, “Тошкент” каналида 18:20 да ва “Ёшлар”да 20:20 да намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмадбой 15 июн куни ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан ҳибсга олинган эди. Унинг уй-жойи тинтув қилинганда 13 млрд сўм ва 7,9 млн доллар нақд пул топилган эди. Аҳмадбой аҳолидан йиллик 100% даромад ваъдаси билан миллий ва хорижий валюталарда катта миқдорда пул маблағлари қабул қилган.
Аҳмадбой уйидан топилган дафтарлардаги хабарларга кўра, пул берганлар сони 45 мингга яқин. Бугунги кунда Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ИИБда туну-кун давомида зарар кўрганлардан аризалар қабул қилинмоқда. Терговчилар ариза берганлардан шаҳарни тарк этмасликни сўрашмоқда.