ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Жорий йилнинг 12-13-октябр кунлари Тошкент шаҳрида XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот-хизмати.
"Жорий йилги ярмарка “Ўзпахтасаноатекспорт” холдинг компанияси, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси товар-ҳомашё биржаси, Ўзбекистон “Сифат" маркази ва бошқа тегишли тузилмалар кўмагида ташкил этилади", — дейилган хабар матнида.
Хабарга кўра, асосий тадбирлар “Ўзекспомарказ” компаниясининг кўргазмалар залида ўтказилади. Халкаро ўзбек пахта ва тукимачилик ярмаркасидаги конференциялар ҳамда мулоқотларда жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари томонидан Ўзбекистон ва дунёда пахта толаси ишлаб чиқариш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби кўплаб масалалар муҳокама қилиниши ва ўзаро манфаатли олди-сотди шартномалари имзоланиши кутилмоқда.