Ўзбекистон пластик карталари: виртуал пуллар машмашасига қачон чек қўйилади?

Oбуна бўлиш
Sputnik мухбирлари мамлакатда сўнгги пайтларда аҳоли дардига дардисар бўлаётган пластик карточкалардан фойдаланишнинг ўзига хос миллий хусусияти нимада эканини аниқлашга ҳаракат қилишди.

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистонда кейинги ўн йилда оддий номга эга, яъни Uzcard нақд пулсиз тўлов тизими фаол тарзда сингдирилиб келинмоқда.

Тан олиш жоизки, ҳукуматимиз бу борада жиддий муваффақиятлар қозонди — пластик карточка эгалари ундан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб келишмоқда, дейлик озиқ-овқат дўконларида, турли хизмат кўрсатиш соҳаларида. Шунингдек, коммунал хизматлар учун тўловларни ҳам пластик карта ёрдамида амалга ошириш мумкин. Тошкент шаҳридаги фақат пластик карточкага савдо қилувчи "Элга хизмат" корхоналарини ҳам халқ учун яратилган яна бир қулайлик сифатида эътироф этиш мумкин.

15 йил муқаддам терминал нима эканлигини билмаган, сотувчи ва харидор ўртасидаги "савдолашиш" эса, ҳатто, ўзига хос урф-одат даражасига кўтарилган мамлакат учун бу жиддий ютуқ эканлигини эътироф этиш лозим.

Аммо янги тизимнинг барча санаб ўтиладиган афзалликларига қарамай, сўнгги йилларда, Ўзбекистон аҳолиси ўзини алдангандек ҳис қилаётгани ҳам рост.

Кўзланган мақсад — "нақд пуллар электрон пулларга тенглаштирилиши" нафақат амалга ошмади, балки бу иккиси, бир-биридан йироқлашди, ҳатто.

Шу боис, Sputnik мухбирлари мамлакатда сўнгги пайтларда аҳоли дардига дардисар бўлаётган пластик карточкалардан фойдаланишнинг ўзига хос миллий хусусияти нимада эканини аниқлашга киришдилар.

Масала тарихига назар

Мамлакатимизда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш, жумладан, пластик карточкалар орқали тўловларни ўтказиш тизимини такомиллаштириш 2004 йилда жорий этилган эди. Аммо бу 2004 йилга қадар бакнлар карталар эмиссияси билан шуғулланмаган, дегани эмас. Шунчаки, 2004 йилда "пластик" тизимини халқ орасида максимал сингдириш учун давлатнинг ўзи ишга киришди.

Бу йўналишда муваффақият қозониш учун, энг аввало бизнесни нақд пулсиз, яъни терминал воситасида амалга ошириладиган тўлов тизимига ўтишга мажбур қилиш тақазо қилинарди. Бу эса, табиийки, солиқ инспекцияси тўсиқларини "айланиб ўтиб", "қора бугалтерия" асосида иш юритишга кўникиб қолган тадбиркорларга унчалик хуш келмасди.

Аммо бу сингари қаршиликларга қарамай, сўнгги ўн йил давомида мамлакат улкан ишларни амалга оширди.

Муаммолар ечимсиз қолмоқда

Нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилган илк йилларда харидорлар тадбикорлар бу тизимга қай тариқа қарши чиқишгани гувоҳи бўлишган эди. Пластик карточкалар орқали тўловни қабул қилмаслик учун тадбиркорлар қандай баҳоналарни тўқимадилар дейсиз — "терминал ишламаяпти", "сизнинг карточкангиз ишламаяпти", "терминални банкка топширганмиз", "дам олиш кунлари банклар ишламайди, демак терминалимиз ҳам ишламайди"… Ҳа, дўконлар, кафелар ва бошқа объектларга мурожаат қилган мижозлар ана шундай баҳоналарни эшитавериб, безиллаб қолишган эди.

Аммо бунга қарамай, тизим яратилди, ва бугунги кунда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда пластик карточкаларни қабул қилмайдиган дўконларни топиш қийин. Кулфат бошқа томондан ёпирилди. Аввал бошда эълон қилинган — нақд ва электрон пуллар тенглиги ҳақиқатда амалга ошмади. Муаммоларнинг юзага келишига эса банкларнинг ўзи сабабчи бўлди, улар турли баҳоналар остида пластик карточкалардаги пулни нақд пулга айлантиришдан бош торта бошладилар.

Яъни, расман олганда, банк мижоз талаб қилиши билан унинг пластик карточкасидан зарур бўлган суммани нақд пул тарзида ечиб беришга мажбур. Аммо шу пайтга қадар ечими йўқ муаммолигича қолмоқда. Банкка мурожаат қиладиган бўлсангиз, аввалига нақд пул йўқлигини баҳона қилишади, қатъий туриб оладиган бўлсангиз, бошқарувчига йўналтиришади ва сиз шахсий картангиздан ўзингизга тегишли пулни ечиб олиш учун ариза ёзишга мажбур бўласиз. Шундан кейин, сиз ечиб олмоқчи бўлган пуллар банкда пайдо бўлишини узоқ пойлашингизга тўғри келади, ва, агар омадингиз чопиб, пуллар пайдо бўлса, сўраган сумманинг ўндан бирини қўлга киритишга муяссар бўласиз, эҳтимол.

Тўғри, агар пластик картага инсон кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни харид қилиш, комуннал хизматлар тўловини амалга ошириш мумкин экан, нақд пулнинг нима кераги бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Аммо ҳаммаси ҳам сиз ўйлаганчалик осон эмас. Бугунги кунда пойтахтдаги энг йирик маиший техника бозорига йўлингиз тушса, у ерда пластик орқали тўлов сиз учун 15-30%гача (сотувчининг сурбетлигига қараб) қимматга тушишини дарҳол маълум қилишади.

"Ипподром", "Қўйлиқ" буюм бозорларида ҳам терминаллар деярли йўқ, савдо фақат нақд пул эвазига амалга оширилади. Қолаверса, исталган деҳқон бозорида ҳам мева-сабзавотларни нақд пулга анча арзонга харид қилишингиз мумкин. 

Нафақа, стипендия, ойлик маошларнинг аста-секин 40дан-100%гача пластикка ўтказилиши нақд пул "танқислиги" муаммоси юзага келишига сабаб бўлди. Танқислик бор жойда эса, ўзингизга аён порахўрлик тизими гуллаб-яшнайди.

Бу борада ҳам, энг қизиғи, банклар етакчи ўрин эгаллади.

Пул керакми? Марҳамат!

"Ҳар қандай тадбиркорга нақд пул керак. Аммо нақд пулни банкдан қонуний йўл билан олишнинг имкони йўқ. Фақат жуда хоҳласангиз, бу муаммонинг ечимини топасиз. Бир йил олдин банкларда пулларни фоиз эвазига карточкадан ечиш тизими қонуний тарзда амалга ошириб келинди. Яъни, карточкамдан 1 миллион сўмни ечиб олган банк, маблағнинг 20%ни ўзлаштириб, қўлимга 800 минг сўм берарди. Бундай олиб қарасангиз банклар ҳаводан пул ишлашди", — дейди куюнчаклик билан Sputnik мухбирига Фарҳод исмли тадбиркор.

Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, бу "амалиёт" тез орада йўқ қилинди, аммо "уддабурро" банк ходимларини энди тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Юқорида айтилганидек, банк ўз мижозининг биринчи талаби билан унинг карточкасидаги пулларни нақд пулга айлантириб бериши шарт, аммо бу ишни қонунан амалга ошириш жуда қийин. Лекин, дейди суҳбатдош, агар оладиган суммадан 20% улуш беришни ваъда қилсангиз, ишингиз 10 дақиқада битади. Бахтиёр мижоз эса ваъда қилган "улушни" банк ходимига бирор пана жойда топширади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари бу ҳолатни тўғрилашга ҳаракат қилиб келишмоқда, пойтахт ва бошқа регионлардаги банк ходимларининг қамалгани эл оғзига тушган. Аммо, афсуски, бундан яхши томонга ўзгариш бўлгани йўқ. Банклардан нақд пулни олиш ҳозир ҳам ечими йўқ муаммолигича қолмоқда, электрон пулларни нақд пулга айлантириш тизимида порахўрлик эса кун сайин ортиб бормоқда. Натижада, болта фақат халқ бошига келиб тушяпти. Ҳа, ойлаб тиним билмай меҳнат қилган инсонга пуллари пластик карточкага тушириб берилгани етмагандек, халқ айрим такаббурларнинг тантиқликлари учун ҳам товон тўлашга мажбур бўлмоқда.

Янгиликлар лентаси
0