Муножот Йўлчиева ва Нормўмин Султоновлар ШҲТ меҳмонлари учун куйлашди

© flikr.com"Ўзбекистон" анужуманлар саройи
Ўзбекистон  анужуманлар саройи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокчилари учун концерт намойиш қилинди.

ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Кеча, "Ўзбекистон" саройида Шанхай Ҳамкорлиги ташкилоти раҳбарлари саммити қатнашчилари учун концернт дастури бўлиб ўтди, "Жаҳон" ахборот агентлиги хабарига асосан.  

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун бундай тадбирларнинг ўтказилиши анъанага айланган.

Концерт дастури соат 18.00 да бошланди. "Ўзбекистон" саройининг концерт залига Ислом Каримов ва ШҲТ саммитининг олий меҳмонлари Нурсултон Назарбоев, Си Цзиньпин, Алмазбек Атамбоев, Владимир Путин, Эмомали Раҳмон, Ашраф Ғани, Цахиагийн Элбэгдорж, Мамнун Ҳусайн, Нарендра Моди, Гурбангули Бердимуҳамедов, Рашид Алимов кириб келганидан кейин бошланди.

Олий мартабали меҳмонлар эътиборига ўзбек халқининг миллий ашула ва рақслари, шунингдек, жаҳон опера санъатининг энг сара асарларидан намуналар ҳавола этилди.

Ўзбекистон санъат усталарининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросидаги “Ул ким жонон” ашуласи тингловчиларда унутилмас таассурот қолдирди. “Ўзбекистон” ва “Наврўз” рақс ансамбллари ижросидаги “Рақслар гулдастаси” хореографик композицияси ўзбек рақс мактабининг бутун кўрку жозибасини намоён этди.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ғолиби Нодира Пирматова “Эй дилбари жононим” ашуласини ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган катта ашула услубида ижро этди.

Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри П.Чайковскийнинг “Евгений Онегин” операсидан лавҳа ижро этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри хонандалари Ш.Гунонинг “Ромео ва Жульетта” операсидан Жульетта вальсини куйлади.

Ўзбекистон халқ артисти Нормўмин Султонов ва «Ниҳол» мукофоти лауреати Маъсума Болтабоева «Менинг жонажон Хитойим», Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова «Қадрдонларим» ашулаларини хитой тилида ижро этди. Қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ халқларининг ашула ва рақслари ҳам ижро этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов «Менга бергил куйларни», халқаро танловлар лауреати Милена Матмусаева «Севги садоси» деб номланган машҳур рус ашулаларини куйлади. Концерт дастури ШҲТга аъзо давлатларнинг бой маданияти билан янада яқиндан танишиш имкониятини берди.

Ижро этилган ҳар бир куй-қўшиқда инсонга меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром юксак пардаларда тараннум этилди. Концерт ниҳоясида “Жон Ўзбекистон” композицияси янгради.

Янгиликлар лентаси
0