ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитини ёритиш учун 400га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар аккредитация қилинди, деб хабар қилмоқда саммит матбуот-маркази.
"ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан 200га яқин вакил, Ўзбекистондан қарийб 200 нафар журналист қатнашади", деб хабар қилмоқда матбуот-маркази.
Саммит доирасидаги тадбирларни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун “Ўзэкспомарказ”да барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди. Саммит кунлари журналистлар иш олиб борадиган ушбу марказ энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий техника – электрон намойиш стендлари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар, телефон билан жиҳозланган, юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли тизимлар орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.