ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik, Маргарита Кислова, Надим Зуауи. Қоҳира Жиноят суди Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва унинг икки сафдошини Қатар фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Маълумотларга кўра, суд мажлиси Миср телевиденияси орқали намойиш қилинган. Яна олти нафар судланувчига, шу жумладан, уч нафар журналистга ўлим жазоси тайинланган.
Судья ушбу иш юзасидан 99та суд мажлиси ўтказилиб, 48 нафар гувоҳ, шу жумладан, юқори мартабали шахслар сўроққа тутилганини маълум қилган. Судланувчиларга улар ўзларини ҳимоя қилишлари учун барча имконият яратилганлиги айтилмоқда.
Суд ҳукми ўқиб эшиттирилаётган вақтда судланувчилар суд залидаги махсус хонага — панжара ортига жойлаштирилган.
Муҳаммад Мурсий ўз ҳумронлиги вақтида Миср давлатини заифлаштириш мақсадида Қатар разведка хизматига Миср махфий хизматига доир ўта маҳфий ҳужжатларни етказиб турганликда айбланди. Судланувчиларнинг бирортаси ўзларига қўйилган айбловларни тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад Мурсий 2011 йилги инқилоб вақтида, "Мусулмон биродарлар" ташкилотининг етакчилари қамоқхонадан оммавий қочишига алоқаси борликда айбланиб, ўлим жазосига маҳкум этилган эди. Бу сафар жосусликда айбланган Миср собиқ президенти ва унинг сафдошлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.