ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Канада парламенти эвтаназияга расман рухсат берувчи қонун қабул қилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости CBC News телеканалидан олинган маълумот асосида.
Жума куни кечқурун ушбу қонун лойиҳасига қироллик санкцияси киритилди. Сал олдин эса мамлакат парламентининг юқори палатаси – сенат бу қонун лойиҳасини тасдиқлаб берган.
Айни дамда эвтаназия борасидаги янги қонун фақат Канада фуқаролари учун амал қилади. Ундан руҳан соғлом ва 18 ёшдан юқори бўлган Канада фуқароси фойдалана олади.
Фаол турдаги эвтаназияни легаллаштирган дунёдаги биринчи мамлакат бу Нидерландия(2002 йил). Кейинчалик, оғир ва тузалмас дарддан азоб чекаётган инсон ҳаётини тўхтатиш(яъни, эвтаназия)ни тиббий томондан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун Бельгия, Люксембург, Швейцарияда қабул қилинди. АҚШнинг тўртта штатида эвтаназияга рухсат бор. Бир қатор давлатларда пассив эвтаназияга рухсат берилган, бунда табиий ўлим ҳолати тезроқ рўй бериши учун тиббий ёрдам кўрсатилмайди, яъни бемор ҳаёти учун кураш тўхтатилади.