ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси МХХ давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси чегарачилар наряди жорий йилнинг май ойида ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уринган 42 нафар шахсни қўлга олди, деб хабар берди Sputnik мухбирига муассаса вакили.
Қўлга олинганлар умумий ҳисоби 128 миллион сўмдан ортиқ уяли алоқа воситалари, рангли металл, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хорижий валюта ва бошқа моддий бойликларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда олиб киришга уринган. Буларнинг ҳаммаси белгиланган тартибда қонунбузарлардан олиб қўйилган.
"Айрим ҳолатларда огоҳлантирувчи ўқ узишлардан сўнг қонунбузарлар ортга қайтиб, Қирғизистон ҳудудида ғойиб бўлган. Учта ҳолатда Ўзбекистонда қирғизистонлик контрабандистлар шериклари қўлга олинган”, — дея хабар қилди манба.