ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Тошкентдаги Франция элчихонаси 20-24-июн кунлари Визалар бўлими ёпиқ бўлиши ва визага ҳужжатларни қабул қилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда элчихона сайтида хабар берилган.
Маълумотларга кўра, элчихона ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан элчихона 2016-йил 20-июндан бошлаб бир ҳафта давомида ташриф буюрувчиларни қабул қилмайди.
"Францияга ёки Тошкентдаги Франция элчихонаси виза берадиган бошқа бир давлатга яқин кунларда боришни режалаштирган шахслар учун қулайлик яратиш мақсадида, Визалар бўлими 13-17-июн кунлари соат 9.00 дан 12.00 гача ва 15.00 дан 17.30 гача визага ҳужжатларни топширувчиларни қабул қилади. Визалар бўлимига элчихонанинг асосий дарвозаларидан кирилади", — деб ёзилган хабар матнида.
27-июндан бошлаб, визага ҳужжатларни топширувчилар ТЛС Cонтаcт компанияси орқали олдиндан қабулга ёзилган бўлиши шарт. Ушбу хизмат 20-июндан бошлаб ишга тушади. «ТЛС Cонтаcт» компанияси билан боғланишга оид маълумотлар қўшимча эълон қилинади.