ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik, Мария Щелудякова. Россия пойтахтининг жануби-шарқида жойлашган Жуковский шаҳрида кеча 30 май куни янги “Жуковский” аэропорти очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу аэропорт Москва транспорт тизимида тўртинчи аэропорт бўлди.
Янги аэропорт ва йўловчи терминали очилиш маросимида Россия бош вазири Дмитрий Медведев иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз Россия ҳукумати ушуб йилнинг март ойида янги аэропортни очиш ҳақида қарор чиқарган эди, лекин унинг ишга тушиш санаси аниқ белгиланмаган эди.
“Жуковский” аэропортига қадар темир йул 2018 йилга қадар қуриб битказиш режалаштирилган. Унга қадар йўловчиларни махсус шаттл-автобуслар ташийди. Автобуслар Москванинг “Котелники” метро бекатидан қатнайди.
Россия Транспорт Қўмитаси эксперти Роман Гусаровнинг фикрига кўра, аэропорт ва унга керакли инфратузилмалар қурилиши жуда илдамлик билан олиб борилади, чунки янги аэропортда йўловчилар оқими жуда катта бўлиши кутилмоқда.
Экспертнинг фикрига кўра, Москванинг бошқа ўта гавжум аэропортларига қараганда, “Жуковский” авикомпанияларга жуда қулай жойлашиш шароитлари ва хизмат кўрсатишга арзон нархлар таклиф қилиши мумкин.
“Ҳозирги йўловчилар оқими камайиши – бу вақтинчалик ҳолат. Бир-икки йилдан кейин оқим яна кўпаяди ва аэропортлар олдингидек тиқилинч бўлиб қолади. Ўшанда авиакомпаниялар бўш ўринлари кўп бўлган “Жуковский”га қараб йўл олади”, — деди Гусаров.
Бугунги кунда янги “Жуковский” аэропорти тўртта авиакомпания билан шартнома имзолаган. Улар Air Kyrgyzstan, Қозоғистоннинг SCAT авиакомпанияси ва Россиянинг "Скай Гейтс Эйрлайнс" ҳамда "Авиастар-ТУ" авиакомпанияли.
Ҳозирча янги аэропорт йўловчилар орасида оммавийлиги бўйича Домодедово ва Шереметьево аэропортлари билан беллаша олмайди, чунки аэропортга бориш анчагина ноқулай. Аэропорт шаҳар чегарасидан 28 км масофада жойлашган бўлсада, унга олиб борувчи автомобил йўллари доимо тирбанд, “Аэроэкспресс”тезюрар поезди эса 2018 йилда ишга тушади.
"Жуковский" – олдинги экспериментал ва кўргазмалар ўтказиладиган аэродром эди. Халқаро МАКС авиакўргазмаси ҳам айнан шу ерда ўтказилади. Аэропорт эгаси — “Рампорт Аэро” компанияси. Йўловчи терминалининг майдони 17,6 гектарни ташкил қилади. Аэропорт қурилишининг биринчи босқичига киритилган инвестициялар ҳажми 1,8 миллиард рублни ташкил қилди.
Даставвал аэропорт арзон чипталар сотувчи авиакомпаниялар — лоукостерлар учун мўлжалланган эди, лекин айни дамда Россияда ягона лоукостер бўлган “Победа” авиакомпанияси “Внуково” аэропортини тарк этиш истагини билдиргани йўқ.