ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикасида илк бор киберхавфсизлик бўйича Cyber Security Challenge Uzbekistan очиқ турнир бўлиб ўтади, деб хабар қилишди Sputnik мухбирига лойиҳа ташкилотчилари.
Турнирнинг саралаш босқичи мамлакатнинг икки региони — Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб ўтди. Эндиликда, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида саралаш босқичлари ўтказилиши кутилмоқда. Чемпионатнинг финал босқичи иштирокчилари номи 10 июлда эълон қилинади.
"Ушбу турнир ахборот хавфсизлиги соҳасида энг яхши ёш мутахассисларни аниқлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Унда хоҳлаган киши қатнаша олади. Биргина шарт — турнирда иштирок этишни мақсад қилганларнинг ёши 15 ёшдан 30 ёшгача бўлиши керак. Номзодлар, 15 июнгача рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ва бу ерда мусобақага эмас, балки, биринчи навбатда, таълимга урғу берилади. Мусобақа ғолиблари ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолият юритувчи етакчи компаниялари ўтказадиган мастер-класс ва таълим тренингларида иштирок этадилар", — деб хабар қилишди лойиҳа ташаббускорлари.
"Иштирокчилар — 30 миллион сўмлик соврин учун ўзаро баҳслашадилар. Муҳими, мусобақа ғолиблари, ўз иқтидорларини намойиш этиш билан бирга, соҳанинг етакчи компаниялари вакиллари эътиборини ўзларига қаратиш имконига эга бўлишади. Хусусан, халқаро антивируслар дастурини ишлаб чиқувчи ESET компанияси ва тармоқ технологиялари ишлаб чиқиш оҳасида фаолият юритувчи трансмиллий CISCO компанияси чемпионатга ҳомийлик қилмоқда", — деб таъкидлади суҳбатдош.
Кибербиринчиликнинг энг яхши иштирокчилари, ICTWEEK Uzbekistan-2016 ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган финал босқичида куч синашадилар.