ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. 2016-йилнинг 19 май куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган ЕИ Комиссиясининг энергетик иттифоқи бўйича Вице-президенти Марош Шевчович билан учрашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот-хизмати.
"Суҳбат чоғида турли соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди", — дейилади хабар матнида.
Учрашувда таъкидланганидек, Тошкентда бўлиб ўтаётган ХХ «Ўзбекистон нефть ва гази» халқаро конференциясида Европа Иттифоқининг юқори даражадаги делегациясининг иштирок этиши Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқлайди.
Мулоқот давомида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги шерикчилик стратегияси доирасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк иштирок этди.