ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. 2016 йил январ-март ойлари оралиғида 167 мингта ишчи ўрни яратилди, улардан тахминан 35 минги ватанга қайтиб келаётган мигрантлар учун мўлжалланган, деб хабар қилди сешанба куни Иқтисодиёт вазирлиги вакили.
"Иш ўринларининг 20% ватанга қайтиб келаётган мигрантлар учун ажратилади. Асосан, Россиядан қайтаётган мигрантлар учун", — деб таъкидлади вазирлик вакили.
2015 йил охирида Ўзбекистон юқори палатаси иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқдан ўтказган эди. Унга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 990 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиб, улардан 200 мингги ватанга қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари учун ажратилиши хабар қилинганди.
2016 йилда Ўзбекистонда жами бир миллиондан зиёд фуқароларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Шулар ичида 148 минг иш ўринлари МДҲ давлатлари, хусусан, Россиядан қийин иқтисодий шароит туфайли қайтиб келаётган меҳнат мигратлари учун мўлжалланган. Экспертлар фикрига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 31 миллион аҳолисидан 3-4 миллиони ватанидан ташқарида меҳнат қилмоқда. Россия Федерал Миграция хизмати хабарига кўра, Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари бор.