ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. “Ислом давлати” террорчилик уюшмаси аъзолари томонидан Ироқда жойлашган Мадриднинг “Реал” фан-клубига уюштирилган бу ҳужум натижасида, 16 киши ҳалок бўлди, деб хабар қилади El País нашри. РИА Новости хабари асосида.
Пайшанба куни кечқурун уч нафар номаълум шахс Ироқнинг шимолий қисмида жойлашган кафедаги одамларга қарата пулемётдан ўқ очди. Бу кафеда дунёга машҳур “Реал” мухлисларининг фан-клуби жойлашган эди. Ўн олти киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди, деб хабар қилинади фан клубнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Ушбу ҳужум “мунофиқлик теракти” деб ном олди.
Ҳужум қилганлар кўздан ғойиб бўлишга муваффақ бўлган. Аммо сал кейинроқ, террорчилардан бири, полиция томонидан қўлга олинишига бир баҳя қолганида, бозорча ёнида белидаги “шоҳид камарини” ишга туширган.
"Ироқдаги “Реал” мухлисларига қарши уюштирилган ҳужум мени ларзага келтирди. Террорчилик футболга ҳужум қилмоқда. Биз қурбонлар ва уларнинг оилалари билан биргамиз. Футбол террор нишонига айланмоқда”, — деб ёзган ўзининг Twitterдаги микроблогида Испания профессионал футбол лигаси(LFP) президенти Хавьер Тебас.