ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Тошкент циркида, пойтахтда гастролда бўлган Катта Варшава циркининг намойишларидан бирида, икки ўргатилган фил қуюшқондан чиқиб кетиб томошабинларни қўрқитиб юборди, деб хабар бермоқда qalampir.uz саҳифаси.
Воқеа 6 май куни содир бўлган бўлсада, бу ҳақда фақат кеча маълум бўлди.
Томошабинлар гувоҳлигига кўра, филлар томоша тугаганидан кейин, кутилмаганда назоратни йўқотиб ўзини ғайриоддий тута бошлаган. Улар ҳатто цирк майдонидан томошабилар залига чиқишга уринишган. Қўрқиб кетган томошабинлар эса бақир-чақир билан цирк залини тарк эта бошлаган. Воқега гувоҳ бўлган томошабиннинг айтишича, ваҳимага тушганидан, воқеани видеога олиш унинг эсига фақат филлар анча хотиржам бўлганидан кейин келган.
Манеж инспектори Фаррух Давлатовнинг айтишига қараганда, икки цирк филлари томша вақтида ростдан ҳам назоратни йўқотиб, ўзини безовта тута бошлаган.
“Томоша тугаб, филларни аренадан олиб чиқиш бошланган вақтда, улар ўт ўчириш баллонни туртиб юборишган. Оқибатда унинг ичидаги олов ўчирувчи суюқлик отилиб чиқа бошлади. Бундан қўрққан филлар қайтиб саҳнага югуриб чиқишди”, — деди Давлатов.
“Тўполон бўлмаслиги учун биз томошабинлардан ўз ўринларидан туриб баландроққа чиқишни сўрадик. Филлар ҳеч кимга зарар еткизмади. Кузатувчилар филларга банан бериб хотиржам қилишди ва саҳнадан олиб чиқиб кетишди. Цирк томошаси давом этди. Бундай ҳолат биринчи марта рўй берди. Мен сизга аниқ айтаман-ки, филлар қутурган эмас эди. Агар уларда қутурганлик белгилари бўлганда, уларни мамлакатга киритишмасди”, — деди у.
Давлатов айтишига қараганда, ҳар бир томоша олдидан Тошкент давлат циркида хавфсизлик чоралари кўрилади.